Ўзбекистонда коррупциядан холи ҳудудлар яратилади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш мақсадида «Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» лойиҳалари йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақида ташкилотнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд қилинишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида давлат ҳокимияти органларида коррупция хавфларини аниқлаш, олдини олиш ҳамда бартараф этишга қаратилган «Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» дастурларини йўл қўяди.

Ушбу дастурлар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Дастлабки босқичда дастур Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Бухоро вилоятининг Вобкент туманида амалга оширилади.

Ушбу чора-тадбирлар коррупциядан холи ҳудудларни яратишга ёрдам беради ва улар муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг дастур бошқа барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилади.

«Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» — бу идора ва ташкилотлар ичида коррупциянинг ҳар қандай кўринишини истисно этадиган ҳалоллик, шаффофлик ва ахлоқнинг юқори стандартлари амал қиладиган махсус яратилган ҳудудлардир. Ушбу лойиҳалар асосидаги методология Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Жануби-Шарқий Европанинг 11 мамлакатида ўз самарадорлигини исботлади.

Қарорлар