Самарқандда тадбиркорнинг 6,4 млрд сўм пулини қиморда ютқазган ҳисобчи ушланди

Самарқанд шаҳрида тадбиркорнинг 6,4 млрд сўм маблағини қимор ўйинларига ютқазган ҳисобчи аниқланди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд қилинишича, «Ph.I.» МЧЖда ҳисобчи лавозимида ишлаган Б.М. банк электрон калитларидан фойдаланиб, МЧЖнинг 6,4 млрд сўм маблағини сохта маълумотларни расмийлаштириш орқали ўзининг номига очилган пластик карталарга ўтказиб олган. Кейин эса бу маблағларни онлайн қимор ўйинида ютқазиб, талон-тарож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, онлайн қимор ўйинларини тарғиб қилувчи сайтлар блоклангани ҳақида хабар берган эдик.

Самарқанд