Шавкат Мирзиёев корхоналар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлашни топширди
Очиқ мулоқотда кўтариладиган ҳар бир масала бўйича аниқ ечимлар бериш вазифаси қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёевга тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотга тайёргарликнинг бориши юзасидан ахборот берилди.
Жумладан, мамлакатда анъанага айланган ушбу мулоқот тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни бевосита ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Бўлажак олтинчи очиқ мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идора вакилларидан иборат республика штаби ташкил этилган. Штаб 24/7 режимда узлуксиз фаолият юритмоқда.
Колл-марказ ва расмий ботлар орқали тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди, 1,8 мингга яқинини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Тайёргарлик доирасида масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилиб, уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этди ва 3,5 мингдан зиёд таклиф ҳамда масалалар билдирилди.
Шу билан бирга, республика бўйича 5 минг 72 нафар тадбиркор ўртасида сўровнома ўтказилди. У орқали корхоналар самарадорлиги, инвестиция ва инфратузилма таъминоти, солиқ маъмурчилиги, ташқи савдо ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги масалалар ўрганилди.
Сўров иштирокчиларининг 93% маҳаллий хусусий корхоналар ташкил этди. Унда савдо, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қамраб олинди.
Таҳлиллар корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш ва таннархни пасайтириш бўйича ҳали катта имкониятлар борлигини кўрсатди. Рақамли платформалар, сунъий интеллект, энергия тежамкор технологиялар, янги маҳсулот ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этган корхоналарда сотув, рақобатбардошлик, иш ҳақи ва инвестиция кўрсаткичлари юқори бўлмоқда.
Давлат раҳбари келиб тушган мурожаатлар ва сўров натижаларини ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида чуқур таҳлил қилиб, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Корхоналар самарадорлигини ошириш, инновация ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, кредит ва инфратузилма масалаларини ҳал қилиш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юзасидан таклифлар тайёрлаш топширилди.
Очиқ мулоқотда кўтариладиган ҳар бир масала бўйича аниқ ечим, уни амалга ошириш механизми, масъуллар ва муддатларни белгилаш вазифаси қўйилди.





