Ўзбекистонликлар кредит маблағларини асосан нималарга йўналтираётгани маълум қилинди

Ўзбекистонликлар кредит маблағларини асосан уй-жой таъмири, автомобиль ва истеъмол товарлари харидига йўналтирмоқда. Бу ҳақда Марказий банкининг молиявий барқарорликка доир янги шарҳида маълум қилинди.

Фото:

Шарҳга кўра, аҳолининг кредит маблағларидан фойдаланиш сабаблари орасида уй-жой хариди ва таъмири, шунингдек, автомобиль ва истеъмол товарларини харид қилиш устунлик қилмоқда. Бундай мақсадлар учун кредит олганлар умумий респондентларнинг 43% ини ташкил этган.

Жорий йил бошида ўтказилган сўровномада 3 546 нафар фуқаро иштирок этиб, улардан 73% и банк ёки банкдан ташқари кредити борлигини, аҳолининг 64% и айни пайтда кредит қарзларини ўз вақтида тўлашда қийинчиликларга дуч келаётганини билдирган.

Шунингдек, уларнинг ярми кейинги олти ойда тўлов қобилиятида ижобий ўзгаришлар бўлишини кутмоқда.

Қайд қилинишича, кредитлар энг кам ҳолларда тўй, даволаниш ёки тадбиркорлик учун олинмоқда — бу каби мақсадлар 5% дан ҳам кам улушни ташкил этган. Кредитлар бўйича ойлик тўлов миқдори аҳолининг 70% ида 6 млн сўмгача, улардан чорак қисмида эса 2–4 млн сўм атрофида бўлган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, кредит юки даражаси — яъни қарз миқдорининг даромадга нисбати — 73% га тенг. Айнан кредит юки баланд бўлганлари орасида тўловга оид муаммолар кўпроқ кузатилмоқда.

Январь–март ойларида берилган кредитларнинг ярмидан кўпи микроқарзларга тўғри келган. Микроқарзлар ҳажми 2,3 баробар ўсиб, 18,7 трлн сўмни, микрокредитлар ҳажми эса 1,9 баробар ўсиб, 5,5 трлн сўмни ташкил этган.

 

Иқтисодиёт