Фарғонада 21 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси тўхтатилди
Фарғона вилоятининг бир нечта туманида қарийб 21 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1983 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Spark русумли автомашина тўхтатилди. Натижада, унинг салон қисмида 9960 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинади.
Бошқа ҳолатда эса қўшни давлатдан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини контрабанда қилиб, Тошкент шаҳридаги жиноий шерикларига етказиб бериш билан шуғулланган Қувасой шаҳрида яшовчи, 1996 й.т. шахс бошқарувидаги Cobalt русумли транспорт воситаси Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина эшикларининг ички қисмига 8000 дона «Зардекс» ва 309 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилганлиги маълум бўлди. Бағдод туманида қайд этилган ҳолатда, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. шахс бошқарувидаги Nexia русумли автомашинадан 1691 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинади.
Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2001 й.т. маҳаллий фуқаро ўзининг 1991 й.т. жиноий шериги воситачилигида 1274 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дориларни харидорга 56 млн сўмга сотган вақтида қўлга олинади.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 251-1, 246, 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
🛡





