Яқин Шарқ давлатларидан март ойи бошидан бери 9 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Яқин Шарқ мамлакатларидан 1-мартдан 5-мартгача Ўзбекистонга 9361 нафар фуқаро эвакуация қилинди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Жумладан қайтарилган фуқаролар сони:

• Саудия Арабистонидан мунтазам ҳамда қўшимча чартер рейслар орқали 8 114 нафар қайтарилди;

• бирлашган Араб Амирликларидан ҳозирги кунгача 1192 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди;

• Эрондан 23 нафар, Баҳрайндан эса 25 нафар, Ўмондан 7 нафар фуқаролар ватанга хавфсиз етказилган.

Ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича чора-тадбирлар тизимли ва босқичма-босқич рўёбга чиқарилмоқда. Айни пайтда эвакуация асосан фуқаролик авиацияси учун ҳаво ҳудуди очиқ бўлиб турган мамлакатлардан амалга оширилмоқда, — дейилади хабарда.

Минтақанинг бошқа давлатларида ҳаво ҳудуди очилиши билан мазкур тадбирлар тезкор равишда ташкил этилиши билдирилди.

Шунингдек, айни пайтда хорижда бўлиб турган юртдошлардан мазкур мамлакатнинг ички қоидалари ва талабларига қатъий риоя этиш ҳамда фақат Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналари томонидан тарқатилаётган расмий ахборотга амал қилиш сўралди.

Ўзбекистон