Ўзбекистонда лабораториялар учун ягона сунъий интеллект платформаси ишга туширилади
Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади. Лойиҳа инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа мамлакатдаги барча илмий-тадқиқот инфратузилмалари ҳақидаги маълумотларни ягона марказлашган ахборот ресурси сифатида жамлаб, уларни самарали бошқариш имконини беради.
Бундан ташқари, илм-фан ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларда илмий инфратузилмалардан фойдаланиш самарадорлиги прогнозланиши ва оптималлаштирилишига оид таҳлилларнинг сунъий интеллект технологиялари орқали амалга оширилиши натижасида вақт ва ресурсларнинг тежалишига эришилади.
Маълум қилинишича, платформа соҳада очиқлик, шаффофлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларининг янада кучайишига ҳам хизмат қилади.
Мутахассислар ушбу платформа илмий изланишлар сифатини ошириш, такрорий харажатларни камайтириш, республикамизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган илмий лабораторияларнинг имкониятларидан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилишини таъкидламоқдалар, — дейилади хабарда.
Сунъий интеллект технологиялари асосидага платформа жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган.





