Самарқандда ҳайдовчи пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган фуқароларни уриб кетди

Самарқандда йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, натижада бир неча пиёда жароҳат олди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 11 апрель куни тахминан соат 20:00 да Рудакий кўчасида содир бўлган. Маълум қилинишича, 28 ёшли Lacetti ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган бир неча фуқарони босиб кетган.

Идора Lacetti ҳайдовчиси нечта пиёдани босиб кетганини аниқ айтмаган. Видеотасвирлардан кўринишича, ЙТҲда катталар ва болалар жабрланганлар.

Хабарда айтилишича, жабрланган пиёдалар тиббий ёрдам кўрсатиш учун касалхонага етказилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи ушланган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд