Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилади

Тегишли фармон билан соҳаларни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди

Президентнинг 02.06.2026 йилдаги ПФ-103-сон Фармони билан маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжатда кўзда тутилган асосий мақсадлар: 

• театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғулар, тасвирий ва амалий санъат каби йўналишларда ижодий уюшмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш;

• ижодкорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро танловлардаги иштирокини ошириш;

• шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг яхши асар яратиш, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш;

• ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароитлар яратиш, хусусан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш;

• 2028 йилда нодавлат театрлар ва театр-студиялар сонини 50 тага етказиш, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25% ошириш.

2027 йилдан бошлаб ижодкорларнинг ҳисобот миллий қурултойи ўтказилиб, энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади. Жумладан:

• санъат кечалари, маҳорат мактаблари ва ижодкорлар уйлари ташкил этилади;

• бир йил давомида ҳар ойда 5 млн сўм миқдорида гонорар тўланади;

• уч йил давомида улар Ўзбекистон бўйлаб ҳаво, темир йўл ва жамоат транспортидан бепул фойдаланадилар;

• давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажатлари тўлиқ қопланади.

Истеъдодларни аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бизнес лойиҳаларни молиялаштириш учун Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Ижодга инвестиция» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма ҳисобидан энг истиқболли лойиҳалар очиқ ва шаффоф тизим асосида молиялаштирилади.

2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январгача:

• асосий фаолияти концерт томошалари, кинематография, болалар учун контент яратишдан иборат бўлган субъектлар, нодавлат театрлар ва театр-студиялар, шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари ҚҚС, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда фаолият юритувчи ходимлар эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;

• хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотларини яратиш билан боғлиқ фаолият натижасида олинган даромадлари Ўзбекистон норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили уй-жойга муҳтож 1 000 нафар маданият, санъат ва ижод вакилларига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратилади.

Бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга бориб ишлаётган ва ушбу ҳудудда ўз уй-жойига эга бўлмаган маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига уй-жой ижараси тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджетдан молиялаштириладиган театрлар ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс жамоалари бадиий раҳбари, балетмейстери, репетиторлари ва балет артистларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари миқдори Давлат бюджети ҳисобидан 2 бараварга оширилади.

Киноиндустрия соҳасини янада ривожлантириш

Миллий кинематографияни янада ривожлантиришга кўмаклашувчи республика комиссияси, кинокомпаниялар ва кинотеатрлар тармоғи, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш фаолияти, шунингдек, ҳар бир фильмга маслаҳатчилар гуруҳини бириктириш амалиёти тугатилди.

Давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмларнинг мавзусидан келиб чиқиб, соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари тузилади. «Ўзбекфильм киноконцерни» давлат муассасасига «Миллий» мақоми берилади.

Таълим тизимини такомиллаштириш

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 10 та умумий ўрта таълим муассасасида тажриба-синов тариқасида «Арт» ўқув дастури асосида «Мусиқа», «Тасвирий санъат» ва «Технология» фанларини чуқурлаштириб ўқитиш йўлга қўйилади.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштирилади.

Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Карим Зарипов номидаги Республика эстрада-цирк техникуми Профессионал таълим агентлиги тизимидан Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиб, олий мактаб сифатида қайта номланмоқда.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази ҳамда Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази негизида Маданият ва санъат ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ташкил этилади.

Ўзбекистон