Open Budget учун мажбурий овоз тўплаган лойиҳалар дастурдан четлатилади
«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсумида, мажбурий овоз тўплаган лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади. Бу хакда иктисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу эслатмага ижтимоий тармоқларда, Жиззах давлат педагогика университети ҳамда Қизилтепа туманидаги тиббиёт ташкилотларида ходимларни мажбурий овоз беришга жалб қилиш ҳолатлари ҳақида тарқалган хабарлар сабаб бўлди.
Натижада, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатини атрофлича ўрганиб чиқиш ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топса, мазкур лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш ёки (агар лойиҳа ғолиб деб топилса) ғолиблар рўйхатидан чиқариш бўйича кечиктирилмаган муддатларда хулоса тақдим этиш юзасидан тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборилди.
«Ташаббусли бюджет» жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш — мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган, — деб таъкидлади вазирлик.
Фуқаролардан агар мажбурий овоз тўплаш ҳолатларига дуч келсалар, зудлик билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 1176 ишонч рақамига қўнғироқ қилишлари сўралди.