Ўзбекистон спортчилари Олимпиадага тайёрланиш тизими такомиллаштирилади

Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича Республика маркази фаолияти босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Президент томонидан «2028 йил Лос-Анжелесда (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Қарорга мувофиқ, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўқув жараёни икки босқичли тизимда ташкил этилади: 1-босқичда 8–11-синфлар учун Олимпия ва Паралимпия мактаби, 2-босқичда эса 1–2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежи фаолият юритади.

2026 йилдан марказда ўқувчи-спортчилар сони 800 нафарга етказилиши, шунингдек, коллеж ўқувчиларига Спорт вазирлиги маблағлари доирасида ойлик стипендия жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, Олимпия ўйинлари ва шу мусобақалар дастурига киритилган спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари олий ҳарбий (ихтисослаштирилган) таълим муассасаларига имтиёзли – тўғридан-тўғри қабул қилинади.

Қарорлар