Фарғонада автомашина баки ичига яширилган наркотиклар аниқланди

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида наркотик моддаларни автомашина ёқилғи баки ичига яшириб олиб ўтиш ҳолати фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик  хизмати хабар беради.

Хусусан, ушбу туманнинг «Равот» чегара-божхона постига Тожикистон Республикасидан кириб келган, фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида текширувдан ўтказилади.

Натижада, автомашинанинг ёқилғи баки ичига соф оғирлиги 10 кг. 739 гр. «гашиш», 412 гр. «марихуана» ва 35 гр. «опий» гиёҳвандлик воситалари ҳамда 6945 дона Royal кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилганлиги аниқланади.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон