Андижондаги масжидда юз берган портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилди
Андижон вилояти прокуратураси Избоскан туманида жойлашган масжидда юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатди.
Аниқланишича, Избоскан туманда жойлашган «Аҳмадали ҳожи» масжидининг таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ хона ичига тўпланиб қолиши натижасида, электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган.
Бино ичида бўлган 10 нафар шахслар турли даражада тан жароҳатлари олган ва 3 нафар шахслар воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205, 259-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади Андижон вилояти прокуратураси хабарида.