Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказди
Америкалик миллиардер Илон Маск Нью Ёркда Эроннинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги элчиси Амир Саид Иравоний билан учрашди. Бу ҳақида Тhe New York Times хабар берди.
Эрон расмийлари маълумотига кўра, учрашув бир соатдан кўпроқ вақт давомида махфий жойда бўлиб ўтган. Суҳбат Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликни камайтириш масалаларига бағишланган.
Эрон вакиллари учрашувни «ижобий» деб атаган ва бундан буён ҳам мулоқот бўлишига умид билдирган.
Трампнинг коммуникациялар бўйича директори Стивен Ченг учрашувга изоҳ беришдан бош тортган. Миллиардер Илон Маск ҳам ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Мазкур суҳбат Трамп даврида Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар ўзгариши эҳтимолини оширмоқда. Учрашувни айнан Маск сўрагани, Эрон элчиси эса жой танлагани айтилмоқда.
Таъкидланишича, учрашувда элчи Иравоний Эрондан санкцияларни олиб ташлаш ва Маскка бизнесининг бир қисмини Теҳронга олиб ўтишга эришиши кераклигини айтган.