Илон Маск Буюк Британия бош вазири Кир Стармерни истеъфога чиқармоқчи
Mиллиардер Илон Маск 2029 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловларгача Британия лейбористлар партияси етакчиси Кир Стармерни лавозимидан четлатмоқчилиги ҳақида Financial Times маълум қилди.
Унгача Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги тажовузкор постларидан ташқари, амалий ҳаракатларга ўтиб, Британия ҳукуматини «беқарорлаштириш» ниятида, дейилади Financial Times’даги мақолада.
Илон Маск Ғарб цивилизациясининг ўзи хавф остида, деб ҳисоблайди, деди манбалардан бири газетага.
Маск, шунингдек, британиялик ўта ўнгчилар ёрдамини олиш йўлларини қидирмоқда. Хусусан, уни «Reform UK» партияси қизиқтиряпти. Партия етакчиси Найжел Фараж Brexit ғояси муаллифларидан бири сифатида машҳур.
Ўтган ҳафта Илон Маск аввал бош прокурор бўлиб ишлаган Кир Стармерни Буюк Британияда жиноий гуруҳлар томонидан қизларга нисбатан қилинган жинсий зўравонликларни яширганликда айблаганди.
Унинг фикрича, ҳокимиятдаги лейбористлар қизларга нисбатан жиноятлар Осиё давлатларидан келган одамлар томонидан содир этилганлигини яширган. Стармер айбловларни рад этади.