Май ойи инфляция кўрсаткичлари эълон қилинди
Ўзбекистонда 2025 йил май ойида ойлик инфляция даражаси 1,5% ни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси ўзининг расмий шарҳида маълум қилди.
Бу бир йил ичидаги энг юқори ойма-ой кўрсаткич ҳисобланади.
Қўмита маълумотларига кўра, йиллик инфляция даражаси пасайиб, 8,7% ни ташкил қилган (апрель ойида бу кўрсаткич 10,1% эди). Май ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8% га арзонлашган бўлса-да, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,7% га, хизматлар эса 5,9% га қимматлашган. Бунга асосан коммунал хизматлар тарифларининг оширилиши сабаб бўлган.
Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кузатилган. Йиллик инфляция эса Қашқадарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган.
Қўмитанинг таъкидлашича, май ойидан бошлаб электр энергияси ва газ нархлари оширилган. Хусусан, электр энергияси 18,8% га, табиий газ эса 39,2% га қимматлаган. Метан нархи 27% га, суюлтирилган газ тарифи 25% га ошган.
Шунингдек, бензин ва пропан нархларида 0,1 дан 2,7% гача пасайиш қайд этилган. Автомобиль транспорти хизматлари 2,4% га, темирйўл транспорти 0,1% га қимматлашган. Бошқа томондан, ҳаво транспортида ички қатновлар учун тарифлар пасайгани туфайли бу йўналишдаги хизматлар нархи 5,4% га арзонлашган.
Мобил алоқа хизматлари нархи эса ўртача 2,9% га ошган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзавотлар орасида бодринг 61,1% га, помидор 27,1% га арзонлашган. Шунингдек, карам, картошка ва пиёз нархлари ҳам пасайган. Сабзи эса 15% га, ўсимлик ёғи 4% га, шакар эса 2,2% га қимматлаган.
Мол ва қўй гўшти нархлари 0,8% га, парранда гўшти эса 0,3–0,5% га ошган. Тухум 4% га, гуруч 0,5% га, хом сут эса 0,2% га арзонлашган