Самарқандда майнинг ферма $2,2 млнлик электр энергиясини талон-тарож қилди

«Ўзенергоинспекция» Самарқанд вилоятида йирик миқдорда электр энергиясини талон-торож қилган майнинг фермани фош этди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

Инспекциянинг ҳудудий бошқармаси, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, ДХХ, ИИБ ва вилоят прокуратураси иштирокида тезкор тадбир ўтказилди.

Натижада, Иштихон туманида «М.Г.М.» оилавий корхонасига қарашли бинонинг ён қисмида жойлашган ертўлада умумий қуввати 244,4 кВтни ташкил этувчи 89та майнинг қурилмаси аниқланди. Бу қурилмалар орқали электр ҳисоблагичдан ташқари тақмоққа тўғридан тўғри уланиб, ноқонуний фойдаланиб келинган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 28,9 млрд сўмлик ($2,25 млн) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлди.

«Ўзенергоинспекция» матбуот хизматининг қайд этишича, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Самарқанд