Ўзбекистон ва Россия мигрантлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишда ҳамкорликни кучайтиради
28–29 апрель кунлари Москвада меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прократура матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Россия Бош прокурори Игор Красновнинг таклифига биноан, Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Ш. Аминов бошчилигидаги делегация иштирок этган. Россия томондан эса Россия бош прокурори ўринбосари Пётр Городов раҳбарлигида Бош прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идоралар вакиллари қатнашган.
Хабарга кўра, тадбирда миграция соҳасидаги амалдаги вазият, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилиниб, миграция соҳасида қонунийликни таъминлаш ва икки давлат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликда чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишилган.
Йиғилиш якунида эса икки давлат Бош прокуратуралари фуқаролар миграцияси жараёнида ҳуқуқларга риоя этилишини назорат қилиш мажбуриятини олиб, баённома имзолаган.
Шунингдек, баённома ижроси ҳар икки давлат Бош прокуратуралари томонидан алоҳида назоратга олиниши маълум қилинди.