Мигрантлар жўнатган пуллар миқдорида ошиш кузатилди
Жорий йил илк чорагида мамлакатга мигрантлар жўнатган пуллар ўтган йил мос давридагидан $800 млнга кўп бўлди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.
2025 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистонга хориждаги меҳнат муҳожирлари томонидан юборилган пул ўтказмалари $3,3 млрдни ташкил этди. Бунда тушумлар йиллик ўсиши қарийб 32% га етган.
Ўсишга савдо ҳамкорлар валюталарининг мустаҳкамланиши ҳамда юқори иш ҳақи таклиф қилаётган давлатларга миграция оқимининг кўпайгани сабаб бўлган.
Шарҳда қайд этилишича, ўртача номинал иш ҳақи I чоракда 18% га ошган. Алоқа, молия ва суғурта соҳаларида иш ҳақи ўсиши ўртача даражадан юқори бўлган, таълим ва транспорт соҳаларида эса ўртача даражага яқин бўлган.
Реал даромадлар эса бир чоракда ўртача 9,8% га, аҳоли жон бошига эса 7,6% га ошган. Иш ўринлари бўйича эълонлар сони ва меҳнат аризалари сони ошиб, бозор фаоллиги юқори бўлиб қолмоқда. Уй-жой битимлари эса 2024 йил охиридан бошлаб ижобий тенденцияни сақлаб қолган.