Миграцияни тартибга солишга доир қарор имзоланди
Президент хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солишга доир қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилиши маълум бўлганди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 январгача янги агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.
У 2024 йил 1 ноябрдан хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотларни электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб боради.
Шу муддатда агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади.
Шунингдек, вақтинча меҳнат фаолиятига чиқиб кетаётган фуқароларга Миграция жамғармаси ҳисобидан 10 миллион сўмгача икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади. Фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиши ва «ишчи виза»га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Янги ташкил этилган Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказади. Иш таклифлари очиқ эълон қилинади, сайтда резюме шакллантириш имкони пайдо бўлади. Мигрантларга 10 млн сўмгача микрокредит берилади.