Мирзиёев БМТ сессиясидаги нутқида Афғонистон, Ғазо ва Украинадаги вазиятга тўхталди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, БМТ бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида Афғонистон, Украина ва Ғазодаги вазиятга тўхталиб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш ҳақида сўзлади.

Президент Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур эканлигини таъкидлаб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини билдирди.

Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз, — деди президент.

Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмаслиги қайд этилди. Давлат рахбари, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.

Ўзбекистон БМТ резолюцияларига мувофиқ, «икки халқ учун – икки давлат» тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.

Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон