Сурхондарёда фуқаро 6 йил аввал тақиқланган постга «класс» қўйгани учун қамалди
Сурхондарё вилоятида фуқаро олти йил аввал тақиқланган диний материалга «класс» босгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берди вилоят суди расмий канали.
Аниқланишича, судланувчи ўзининг телефонидаги «Odnoklassniki.ru» мессенжеридаги «Класс босилганлар» бўлимида 2019 йилда Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг «Жаннатга ошиқлар» номли ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузасига «класс» босиш орқали виртуал дўстларига тарқатган.
Бу билан у амалдаги Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 2025 йил 1 июлдаги ҳукмига кўра, ушбу шахс Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.
Шу модда билан унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Судланувчи томонидан содир этилган мазкур жиноят оғир турга мансублиги туфайли унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган, — дейилади хабарда.
Жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда унга Жиноят кодексининг 57-моддаси татбиқ этилиб, модда санкциясидан камроқ жазо муддати тайинлангани билдирилди.