Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концептуал нигоҳини ишлаб чиқишга киришишни таклиф этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди.
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев ҳам қатнашдилар этдилар.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг 25 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва биргаликдаги тараққиётни давом эттириш борасидаги истиқболли вазифалар муҳокама қилинди. Энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам очиқ фикр алмашилди.
Мажлисда делегациялар раҳбарлари президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан самимий табрикладилар. Давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ички ислоҳотлар, мамлакат барқарорлиги, хавфсизлиги ва равнақини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган прагматик ва очиқ ташқи сиёсат юксак баҳоланди.
Ўзбекистон етакчиси учрашув иштирокчиларини қутлар экан, қардош Қирғиз Республикаси Президенти ва халқига давлат суверенитетининг 35 йиллиги муносабати билан энг эзгу тилакларини билдирди. Мамлакат жадал суръатларда ривожланиб, унинг халқаро майдондаги нуфузи изчил юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Қирғизистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолаб, мажлис кун тартиби ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.
Президент ташкилот чорак аср давомида ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этганини қайд этди. ШҲТ «Шанхай руҳи» тамойилларига амал қилган ҳолда, тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлади, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашди.
Геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган шароитда Яқин Шарқда мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатиш зарурлиги яна бир бор қайд этилди.
Мамлакатимиз етакчиси ташкилот олдида турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди. «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришиш таклиф этилди.
Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим, – деди давлат раҳбари.
Муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш белгиланди. Мазкур харита ишбилармонлар, инвесторлар ҳамда давлат тузилмалари учун яратилган ягона универсал рақамли дарчада махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистика тизимини бирлаштиради.
Ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар қаторида ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш ҳамда Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини шакллантиришни бошлаши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Якунда давлат раҳбари Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан табриклади.
Йиғилишдан сўнг ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Хусусан, Бишкек декларацияси, 2002 йил 7 июндаги ШҲТ Хартиясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, ядровий ва жисмоний ядровий хавфсизликни таъминлаш йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.





