Чирчиқ дарёсидан қум-шағал қазиган корхона раҳбари қамалди
Тошкент вилоятида Чирчиқ дарёсидан ноқонуний қум-шағал қазиб олган корхона раҳбарига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
2024 йил ноябрида «Г.С.» МЧЖга қарашли тош майдалаш цехига Чирчиқ дарёси қирғоғидан экскаватор ёрдамида қум-шағал аралашмаси олиб кирилаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Оққўрғон туман судида жиноят иши кўриб чиқилган.
Суд қарорига кўра, корхона раҳбари С.И. Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилиб, жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Бундан ташқари, суд ҳуқуқбузардан давлат фойдасига 552 млн 153 минг сўм миқдоридаги моддий зарар ва 38 млн 280 минг сўм жарима ундирилишини белгилади.
Маълумот учун, 2024 йил 1 майдаги президент фармонига биноан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган.