Мубашшир Аҳмадга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди
Мубашшир Аҳмадга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
У 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган эди.
Қайд қилинишича, Алишер Турсунов(Мубашшир Аҳмад)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 прим 1 моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 3 моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Вазирликнинг расмий баёнотига кўра, Турсунов Алишернинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали тарқатилган маълумотларда экспертиза хулосаларига асосан қонунчиликка зид ахборотлар мавжуд бўлгани аниқланган.
Мазкур жиноят иши доирасида Турсуновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мубашшир Аҳмад 8 май куни Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олингани ҳақда хабар бергандик.