Андижонда мушукни девордан улоқтирган блогер жаримага тортилди

Ҳодисани видеога олган йигит ҳамда уни содир этган шахс «ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш» моддаси бўйича айбдор деб топилди

Ижтимоий тармоқларда Андижонлик блогер мушук боласини қурилиш котлованига улоқтиргани ҳақида видео тарқалди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

Видеога олинган ҳодиса 27 июль куни Андижондаги савдо-кўнгилочар мажмуаси яқинида содир бўлган. Шаҳрихон туманида яшовчи (2008 йилда туғилган) фуқаро обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида мушукчани девордан ошириб, қурилиш майдончаси ҳудудига улоқтирган.

Содир бўлаётган ҳодисани унинг 2006 йилда туғилган таниши видеога олган. Кейинчалик видеоролик Instagram’га жойлаштирилган.

Хуқуқ-тартибот органи ходимлари текширув ўтказиб, иккала шахсга нисбатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича маъмурий баённома тузишди. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 10 баравари миқдорида (ҳозирда 4,1 млн сўм) жарима солинди.

Ўзбекистон