Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан музокаралар ўтказди
Ўзбекистон – Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди

Чўлпонота шаҳридаги «Руҳ Ордо» маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард долларга етди. 450 та қўшма корхона ташкил этилди, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Тараққиёт фонди самарали фаолият юритмоқда.

Шаҳарлар ўртасида 15 та авиақатнов, 5 та автобус йўналиши йўлга қўйилган.
Бу галги ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.
Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Музокаралар давомида Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўзи ичига олган ахборотлари тингланди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.





