Тошкентда автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб, муштлашгани юзасидан маълумот берилди — видео
Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчилари «клиент» талашиб, уришиб кетгани акс этган видео тарқалган эди. Ушбу воқеа юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу воқеа 2019 йил январь ойида Тошкент шаҳри, Олмазор тумани Қорақамиш 2/4 даҳасидаги автошоҳбекатда содир бўлган.
Ўзаро муштлашган ҳайдовчилар «18-Автобус саройи» тасарруфидаги 87-сонли йўналишда хизмат кўрсатиб келган. Ҳайдовчилар автобус шоҳбекатига етиб келишган заҳоти, 87-сонли автобус ҳайдовчи А.С. ҳамкасби Ш.Э. автобусига чиққан. Уни ҳақоратлаб, жанжал юзага келтириб, ўртада муштлашув содир бўлган.
Ушбу ҳолат «18-Автобус саройи» раҳбарияти томонидан ишчи суриштирув ташкиллаштириб, жанжалнинг келиб чиқишига 87-сонли йўналиш ҳайдовчиларнинг ўзаро муштлашувига ҳаракатланиши учун белгиланган жадвалнинг бузилиши сабаб бўлганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, «18-Автобус саройи» томонидан ҳайдовчи Ш.Э. ва А.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Хабарда юқорида келтирилган иккала ҳайдовчилар 2019 йилдан буён «18-Автобус саройи»да хизмат кўрсатмаслигини маълум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда вилоят ва туманларда ҳам автобус йўналишлари учун автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилиши ва Тошкентда 11 январдан 8- ва 132-йўналишдаги автобуслар ҳаракати тўхтатилиши хабар қилинган эди.
Шунингдек, Самарқандда автобус юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида ағдарилиб кетгани маълум қилинган.