Наманганда ўқувчилар ижарага олган Gentra юк машина билан тўқнашди

Наманган шаҳрида 5 нафар ўқувчи ижарага олган Гентра йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, катта тезликда юк машинасига урилди. Оқибатда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир вафот этди. Бу ҳақида Наманган вилоят телевиденияси хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳолат 2 октябрь куни соат 11:00 атрофида шаҳарнинг Марғилон кўчасида содир бўлган. 5 нафар мактаб ўқувчиси Gentra машинасини ижарага олиб, катта тезликда ҳаракатланиб кетаётганида бошқарувни йўқотиб йўл ўртасидаги бетон тўсиқдан ошиб ўтган. Сўнгра йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб юк машинасига урилган.

ЙТҲ оқибатида Gentra ҳайдовчиси бўлган 17 ёшли ўсмир шифохонага олиб борилаётганида вафот этган. Қолган 4 нафари эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига қилган.

Марказ шифокорининг билдиришича, болаларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Улардан бирида клиник ўлим ҳолати кузатилган ва кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда ўсмирларнинг барчаси кома ҳолатида ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Аввалроқ, Самарқандда юк машинаси билан тўқнашган «Жигули» ҳақида хабар берган эдик.

Наманган