Фарғона ва Наманганда наркотик савдосига чек қўйилди

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган

Фарғона ва Наманганда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида муқаддам судланган 44 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ертўласида 782 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланади.

Бошқа ҳолатда эса 1975 й.т. шахснинг яшаш хонадонида 758 гр «гашиш» моддаси, гиёҳвандлик воситалари қолдиқлари бўлган 6 дона пичоқ ва 4 дона электрон тарози борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинади.

Шунингдек, Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда «Фарғона – Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган Lasetti русумли автотранспорт воситаси Наманган тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилади.

Натижада, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1998 й.т. шахс бошқарувидаги ушбу автомашина салонидан 465 гр «гашиш» моддаси ашёвий далил сифатида олинади.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон