Ўзбекистондаги айрим боғчаларга болани 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилади
Президентнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унда айрим боғчаларга болани 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилиши кўрсатиб ўтилган.
Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
- фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади;
- 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади;
- тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади;
- кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи бюджетдан қоплаб берилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига ташриф буюриб, у ерда фаоллар билан суҳбат давомида боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш бўйича нияти борлигини маълум қилганди.
«Боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш бўйича менинг ҳам ниятим бор. Аммо ҳали озроқ вақт бор. Иқтисодиётимизни салгина мустаҳкамлаб олайлик, кейин бу ишни амалга оширамиз. Агар ҳозир фақат Қорақалпоғистон учун буни йўлга қўйсак, бошқа ҳудудларга нисбатан тўғри бўлмайди», — деган давлат раҳбари.