Ўзбекистонда 500 дан ортиқ товар ва хизматлар импорти тақиқланганининг сабаби очиқланди
Адлия вазирлиги Ўзбекистонда 500 дан ортиқ товар ва хизматлар импорти тақиқлангани юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда UzNews маълум қилди.
Таъкидланишича, вазирлик бу каби чораларга коронавирус пандемияси сабаб эканлиги, ҳатто Россия ҳам 170 дан ортиқ товар ва хизматлар импортига рухсат бермаётганлигини маълум қилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг 29 январь куни қабул қилинган “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, республикада 500 дан ортиқ турдаги хорижий товар ва хизматларнинг рўйхати эълон қилиниб, уларнинг давлат харидларидаги иштироки тақиқланган.
Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда мазкур рўйхат билан боғлиқ турли талқинлар пайдо бўлмоқда, лекин ҳукуматнинг мазкур рўйхатни тасдиқлашига бир қатор асослар мавжуд.
“Бугунги кунда коронавирус глобал пандемияси кооперация алоқаларининг бузилиши, маҳсулотга талабнинг ва сотув бозорларининг қисқариши оқибатида иқтисодиётнинг қатор тармоқ ва соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаоллигига чекловчи таъсир ўтказишда давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда мазкур рўйхат билан боғлиқ турли талқинлар пайдо бўлмоқда. Ҳукумат томонидан мазкур рўйхатнинг тасдиқланишини бир қатор асослар билан изоҳлаш мумкин”, – дейилади вазирлик муносабатида.
Адлия вазирлигига кўра, мавжуд асослар қуйидагилар:
- Пандемия даврида аҳолининг харид қуввати пастлиги ҳамда объектив сабабларга кўра экспорт имкониятлари сезиларли даражада қисқарган. Бунинг оқибатида бир қанча маҳаллий тадбиркорлар фаолиятида узилишлар рўй берган. Уларнинг фаолиятини яхшилаш учун давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларидан фойдаланилади.
- Ички бозор ва маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш тенденцияси бошқа давлатларда ҳам амалга оширилган. Хусусан, Россия давлат харидларида 170 дан ортиқ товарлар ва хизматлар импортини тақиқлаган.
- 2019 йилда республикада 55 мингта корхона ташкил этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 96 минг 743 тани ташкил қилган. Демак, янги ишлаб чиқариш қуввати икки баробар ошган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сонининг ортиши аҳоли бандлигини таъминлаш, солиқ тушумларининг ҳам қўпайишига замин яратади.
- Тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжуд, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Аввалроқ, Ўзбекистонда хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг давлат харидлари тақиқлангани хабар қилинган эди.