Навоийда ноқонуний балиқ овлаш оқибатида табиатга 6 миллиарддан ортиқ зарар етказилди

Навоий вилоятида Қизил китобга киритилган балиқларни ноқонуний тарзда овланган шахслар қўлга олинди ва маъмурий жавобгарликка торитилди. Бу ҳақида Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари Навбаҳор тумани Қорвултепа маҳалласидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсида рейд ўтказди.

Назорат давомида аниқланишича, Қизилтепа туманида яшовчи фуқаролар Ғ.Ш, О.М ва А.З. Навбаҳор туманига келиб, Зарафшон дарёсидан электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаган.

Улар товон, оқ амур, дўнгпешона, зоғора, лаққа ва Қизил китобга киритилган Туркистон мўйловлари балиқларини ноқонуний овлашган. Умумий ҳисобда табиатга 6 млрд 324 млн сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилди, дейди Экология вазирлиги.

Навоий