Нидерландия олти ой муддатга чегара назоратини жорий қилади
Нидерландия ҳукумати 9 декабрь куни қироллик чегарасида назоратни жорий қилади, бу назорат олти ой давомида амал қилади. De Telegraaf газетаси хабар беришича, бу ҳақида миграция ва бошпана бериш масалалари вазири Марёлен Фабер маълум қилди.
Унинг аниқлик киритишича, бу вақтинчалик чора бўлиб, чегара ҳудудларидаги иқтисодий ўсиш ва ҳаракатга имкон қадар камроқ халақит бериши керак. Фабернинг сўзларига кўра, янги чоралар ноқонуний миграцияга қарши қаратилган.
Вазир Европа комиссияси, Европа иттифоқи кенгаши, Европа парламенти ва Европа мамлакатларини қарор ҳақида хабардор қилди.
Қайд этилишича, чегарада назоратни Нидерландия қироллик ҳарбий полицияси амалга оширади. Вазирнинг сўзларига кўра, расмийлар вақт ўтиши билан текширувлар сонини кўпайтириш ниятида.
Аввалроқ Нидерландия расмийлари Шенген чегара кодексининг жамоат тартиби ёки ички хавфсизликка жиддий таҳдидлар туғилганда чегара назоратини жорий этиш имконини берувчи 25-моддасидан ноябрь ойи охиригача фойдаланиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.