Тошкентда пулли автотураргоҳлар ташкил этиш учун аукцион ўтказилади
Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахт кўчаларида пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун савдолар ўтказишини маълум қилди.
Барча туманларда ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Бунга қуйидаги кўчаларнинг қисмлари киради:
• пойтахтнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
• Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
• Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
• Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
• Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
• Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
• Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сиветс, Қурувчилар кўчалари).
Ижара муддати 3 йилни ташкил қилади. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида $5 млн сармоя киритиши керак.
Автотураргоҳдан тушган тушумнинг камида 1/12 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши керак. Бундан ташқари, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши керак.
Йиллик ижара бошланғич нархи 57,21 млрд сўмни ташкил этади.
Аввалроқ, Тошкентда пулли автотураргоҳ нархлари тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.