Бокуда Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев учрашди
Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Озарбойжон етакчисини БМТнинг Иқлим бўйича саммити (COP29) муваффақиятли ташкил этилгани билан табриклади.
Жорий йил август ойида олий даражада эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йилида ҳамкорлик юксак даражага етгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва шаҳарсозлик ҳамда бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Лойиҳалар портфелини, шу жумладан Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.