Тошкентда номаълум ёрқин жисм учгани юзасидан изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Космонавтлар метро бекати яқинида осмонда номаълум ёрқин жисм учгани акс этган видео тарқалди. Фанлар академияси Астрономия институти вазиятга изоҳ берди.

Астрономия институти мутахассислари томонидан мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ўрганишлар олиб борилди. Ҳозирги вақтда видеода қайд этилган ҳодисанинг метеорит тушиши ёки бошқа табиий ёки техноген манба билан боғлиқ экани расман тасдиқлангани йўқ. Ер юзасига етиб келган қолдиқлар мавжуд бўлмаса, ҳодисанинг табиати ҳақида аниқ хулоса бериш имконсиз, — дейилади хабарда.

Маълумот қилинишича: метеороитлар Қуёш тизимида ҳаракатланувчи кичик қаттиқ жисмлар бўлиб, улар Ер атмосферасига кирганда кучли қизиш натижасида ёрқин из қолдиради ва бу ҳодиса метеор деб аталади. Агар бундай жисм атмосферада тўлиқ ёниб кетмай, Ер юзасига етиб келса, у метеорит деб юритилади.

Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ер атмосферасига сутка давомида миллионлаб майда космик зарралар киради, бироқ уларнинг мутлақ кўпчилиги атмосферада ёниб кетади.

Ер юзасига етиб келадиган метеоритларнинг умумий массаси эса ўртача кунига бир неча ўн тоннани ташкил этиб, аммо аҳоли яшаш ҳудудларига йирик метеоритларнинг тушиши ниҳоятда кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланиши билдирилди.

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар аниқланиши билан жамоатчиликка расман хабар берилиши таъкидланди.

Ўзбекистон