«Қонуний асосда фаолият юритаётган савдо расталарига тегилмайди» — Ҳокимлик «Авиасозлар» бозорининг бузилиши юзасидан изоҳ берди
Қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан қурилган ва тартибсиз фаолият юритаётган савдо расталари жойлашган ҳудудга тегишли.

Ижтимоий тармоқларда Кадишев бозори деб танилган «Авиасозлар» бозорининг, шунингдек, савдо расталари ва дўконларининг бузилиши ҳақидаги маълумотлар тарқалди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
«Авиасозлар» бозори одатдаги тартибда ишламоқда. Олиб борилаётган ишлар қонуний асосда фаолият юритаётган савдо расталари ва объектларига дахл қилмайди, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, гап узоқ вақт давомида тартибсиз, ўзбошимчалик билан ташкил этилган савдо мавжуд бўлган бозорга туташ ҳудудда тартиб ўрнатиш ҳақида кетмоқда.
Ушбу ҳудудда айрим фуқаролар мева, сабзавотлар, гўшт маҳсулотлари ва калла-почаларни рухсат берувчи ҳужжатларсиз, жумладан, санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда сотган. Зарур санитария шароитлари ва маҳсулот сифати назоратининг йўқлиги озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдирарди, деб таъкидланди.
Бундан ташқари, тартибсиз савдо пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиши, транспорт ҳаракатига халақит бериши, тирбандликлар, одамларнинг тўпланиши, тартибсиз автотураргоҳлар ва аҳоли, харидорлар ҳамда бозорга ташриф буюрувчилар учун ноқулайликлар туғдириши билдирилди.
Шунингдек, ушбу ҳудудда савдо қилган шахсларга бозор ҳудудидан муқобил, махсус ажратилган ва қонуний жойлар таклиф этилмоқда. Бу жойлар тадбиркорлар учун ҳам, харидорлар учун ҳам янада тартибли ва қулай шароитларни яратиши таъкидланди.





