Тошкент метроларидан бирида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш режалаштирилмоқда

Синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда, 2030 йилгача метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини 103 километргача ошириш мақсад қилингани билдирилди. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5-3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.

Хусусан, метрополитен инфратузилмасини яхшилаш ва молиявий соғломлаштириш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, 2026-2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаро муҳофазаси объектлари техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида «Шаҳристон» метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф этилди. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80-90 фоизгача камайтириш имконини беради, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ушбу ҳимоя тўсиқлари шимча реклама майдонларини яратиш орқали даромадларни оширишга ҳам хизмат қилиши билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аваллроқ Тошкентда янги метро линияси қурилиши мумкинлиги хабар берилган эди.

Ўзбекистон