Ўзбекистонда Жанубий Кореяда иш ваъда қилган бир қанча фирибгарлар ушланди
Гумонланувчи ўнлаб фуқароларни ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 190 минг доллардан ортиқ пул олган

Ўзбекистонда фуқароларга Жанубий Кореяда иш ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шундай қилиб, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида фуқаро А.Р. гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро Ш.Ф.ни 10 250 АҚШ доллари эвазига Корея давлатига ишга юборишини айтиб, келишилган пулдан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Фарғона вилоятида фуқаро Д.Р. (муқаддам судланган) 55 000 АҚШ доллари эвазига 10 нафар фуқарони Корея давлатига ўқишга ва ишга юборишини айтиб, шундан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Терговга қадар текширувда фуқаро Д.Р. яна 46 нафар фуқародан Корея давлатига юбориши эвазига 196 650 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
• Самарқанд вилоятида фуқаро Ж.Х. фуқаро 2 нафар фуқарони 12 000 АҚШ доллари эвазига Корея давлатига боришлари учун ишчи визаси расмийлаштириб беришини айтиб, келишилган пулдан 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган;
• Андижон вилояти Олтинкўл туманида бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.О. 6 000 АҚШ доллари эвазига фуқаро И.И.ни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Корея давлатига кетиши учун ишчи визасини олиб беришини айтиб, келишилган пулдан 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган;
• Сирдарё вилоятида фуқаро Н.Т. фуқаро З.Ю.ни миграция агентлигида ишловчи танишлари орқали Корея давлатига ишга юбориши эвазига 1 900 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган;
• Сирдарё вилоятида фуқаро Ш.Б. (муқаддам судланган) 4 000 АҚШ доллари эвазига фуқаро М.Х.га спорт визаси олиб бериши орқали уни Корея давлатига ишга юборишини айтиб, келишилган пулдан 1 300 АҚШ доллари ва 2,4 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган;
• Навоий вилояти Конимех тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.И. фуқаро М.Т.ни миграция агентлигида ишловчи танишлари орқали Корея давлатига ишга юбориши эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган;
• Фарғона вилояти фуқаро А.Т. 9 600 АҚШ доллари эвазига 2 нафар фуқарони Корея давлатига ўқишга юборишини айтиб, олдиндан 600 АҚШ долларини А.Т.нинг топшириғига асосан фуқаро Ш.Б. олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





