Ўзбекистон ОТМларида таълим жараёнлари онлайнга ўтказилмаслиги маълум қилинди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олийгоҳларда таълим жараёнлари онлайнга ўтказилмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилган. Бу ҳолат коронавируснинг «омикрон» штами аниқланиши билан боғлиқ эмаслиги таъкидланди.
«24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади», — деди Абдували Холиқов.
Маълумот ўрнида, талабалар учун қишки таътил муддати 6 январь куни узайтирилгани эълон қилинганди. Бунинг сабаби этиб, ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши қайд этилган.