Андижонда 53 ёшли эркак танишини пичоқлаб ўлдирди

Андижон шаҳрида 22 март куни 53 ёшли эркак танишини маст ҳолда пичоқлаб ўлдирди.

Маълум қилинишича, 50 ёшли А.Р. ҳамда 53 ёшли Б.А. шаҳарнинг Исломобод МФЙда жойлашган 53 ёшли М.М.нинг яшаш хонадонига меҳмонга борган. У ерда биргаликда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, сўнгра А.Р. ҳамда Б.А. маст бўлган ҳолда бир-бирларини ҳақорат қилган. Шу вақтда ўртасида келиб чиққан ўзаро тортишув сабаб Б.А. стол устида турган хўжалик пичоғини олиб, А.Р.нинг кўкрак соҳасига бир маротаба урган. Тан жароҳати етказилгани оқибатида А.Р. ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида А.Р.да кўкрак қафаси ўнг томон соҳасидан кўкрак бўлиғига тешиб ўтувчи санчма кесма жароҳат аниқланган. Мазкур жароҳат оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари сифатида баҳоланиши кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Б.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ўнга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар