Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5,8 млн сўмни ташкил этди
2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошиб 5,8 миллион сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда UZSTAT хабар берди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — 9 млн 889,1 минг сўм (22,7 фоиз ўсиш). Кейинги ўринларда Навои вилояти (7 млн 330,9 минг сўм) ва Тошкент вилояти (5 млн 435,6 минг сўм) турибди.
Энг паст ўртача иш ҳақи эса Қашқадарё (4 млн 79,8 минг сўм), Фарғона (4 млн 203 минг сўм) ва Сурхондарё (4 млн 209,1 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг катта ўсиш ахборот ва алоқа соҳасида кузатилди — иш ҳақи 126,8 фоизга ўсиб, 14 млн 818,4 минг сўмга етган.
Бундан ташқари:
• Санъат ва дам олиш соҳасида иш ҳақлари 20,2 фоизга ошиб, 4 млн 831,3 минг сўмни ташкил этди;
• Банк ва молиявий воситачилик соҳасида 19,8 фоиз ўсиш билан ўртача иш ҳақи 15 млн 847,9 минг сўмга етди;
• Таълим соҳасида эса иш ҳақлари 17,7 фоизга ошиб, ўртача 4 млн 44,2 минг сўмни ташкил этди.