«Андижон девзира оши» географик кўрсаткичлар реестрига киритилди

Ушбу палов тури Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур гуруч навидан тайёрланади

Географик кўрсаткичлар реестрига девзира гуручидан тайёрланадиган Андижон оши киритилди, деб хабар бермоқда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати.

Агентликнинг қайд этишича, ошнинг ушбу тури кўп асрлик пазандачилик анъаналари, ўзига хос тайёрланиш усули ва такрорланмас таъми билан ажралиб турадиган миллий таом ҳисобланади. Ушбу ош тури асосан Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручи асосида тайёрланади.

Шунингдек, девзира гуручи ўзининг қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан ажралиб туриб, ошга бетакрор таъм, хушбўйлик ҳамда дона-дона кўриниш бағишлайди.

Географик кўрсаткич мақомининг берилиши «Андижон девзира оши» номи ва унинг анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ҳамда унинг сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейилади хабарда.

Маълумот учун: географик кўрсаткич — маҳсулотнинг маълум ҳудуд билан боғлиқлигини ҳамда унинг сифати ва обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий ва ижтимоий омиллари билан чамбарчас боғлиқ эканлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.

Ўзбекистон