Тошкентда экологик жиҳатдан хавфли 87 та корхона пойтахт ҳудудидан кўчирилади
Тошкентда экологик жиҳатдан хавфли ишлаб чиқариш корхоналарининг рўйхати аниқланиб, улар босқичма-босқич пойтахт ҳудудидан чиқарилиши белгиланди. Бу ҳақда экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Махсус комиссия томонидан саноат корхоналари пойтахт ҳудудидан ташқарига кўчирилмоқда. Бир саноат корхонасини кўчириш шаҳарда йилига 226 тоннадан ортиқ ташламани қисқартириш имконини беради.
Жумладан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, ва вилоят марказларидан асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал ҳамда паррандачилик ишлаб чиқаришлари, қора ва рангли металлургия, шунингдек, энергия истеъмоли юқори бўлган бошқа тармоқларга мансуб корхоналарни кўчириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолияти ушбу талабларга мос келадиган 87 та корхона мавжуд бўлиб, уларни кўчириш мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2025-йил октябрь ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. Корхонага мажбурий кўрсатма берилиб, етказилган экологик зарар учун 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида компенсация ҳисобланган.
Махсус комиссия қарори билан атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида корхона Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчирилади ва Янгиҳаёт тумани ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатади.
Шунингдек, компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобидан эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилинади ҳамда корхона фаолиятини замонавий экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган, технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда давом эттиради. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида йилига ўртача 226,7 тонна зарарли моддалар атмосферага чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда.




