Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашида нутқ сўзлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиб, қатор таклифларни илгари сурди.

Давлат рахбари, жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратди. Президент кенг минтақада иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор моделларини шакллантириш тарафдори эканини билдирди.

ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Шунингдек, ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан ШҲТ доирасида минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази, мамлакатларимизда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш ва «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш учун ШҲТ Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, мамлакатларимиз минтақаларини жалб қилган ҳолда, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби қатор янги кўп томонлама платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этишни таклиф қиламан, — деди Мирзиёев.

Шунингдек, Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Бу борада Ўзбекистон «ШҲТ ягона транспорт макони»ни шакллантириш ва уни «Бир макон – бир йўл» стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятларни кўраётгани таъкидланди. Бу ташаббус доирасида янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва «яшил» йўлаклар яратиш назарда тутилмоқда. Шу муносабат билан тегишли кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарурли айтилди.

Шу билан бирга, маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланишидан сўз борди.

Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, «ШҲТ университети» шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ва халқларимизни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши мумкин, — деди Ўзбекистон президенти.

Бундан ташқари, «Сайёҳлик йўлаги» ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида бугун қабул қилинаётган Тяньцзинь декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ва бошқа якуний ҳужжатлар кўп қиррали ҳамкорлигимизни кенгайтириш ҳамда замонавий таҳдидларга самарали ечим топишда муҳим асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, бу борада ишонч билдирди. Шунингдек, у ШҲТ доирасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида умумий вазифаларни ҳал этиш учун ишларни биргаликда давом эттиришга тайёрлигини қайд этди.

Ўзбекистон