Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидагиларни Билимлар куни билан табриклади
Президент Ўзбекистонда бундан буён ҳам таълим ва тарбия соҳасини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўқувчилар, ўқитувчи ва мураббийларни Билимлар куни билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Қадрли устоз ва мураббийлар! Ҳурматли ота-оналар! Барчангизни Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрамига уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ўтаётган Билимлар куни билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, катта орзу-интилишлар билан мактаб остонасига қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин ўғил-қизларимизга, ота-оналар ва педагоглар жамоатчилигига ўзимнинг эзгу тилакларимни билдираман, — деди президент.
Давлат раҳбари, кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини таъкидлади.
Президент, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, IT ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларни келажаг, олтин фонди деб таъкидлади.
Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир.
Ҳеч шубҳасиз, бундай улуғ мақсадларга етишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга биз бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз. Мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган фарзандларимиз пухта билим билан бирга, албатта камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитларни яратамиз. Бунинг учун ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари»ни яратиб, замонавий тажриба ҳамда илғор мутахассисларни жалб этамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари, барчага янги ўқув йилини аъло баҳолар билан бошлаб, ҳар бир ўқув чорагини муваффақиятли якунлашни, сиҳат-саломатлик, омад ва зафар ёр бўлишини тилади.





