Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқ сўзлади

Президент ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти, авваламбор, қадимий ва навқирон Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий мулоқотини ўтказиш ташаббуси, шунингдек, барчага кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва анъанавий меҳмондўстлик учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга чин дилдан ташаккур изҳор этди.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бугунги учрашувимиз жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позицияларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркий дунёнинг интеграцияси бу халқларимиз тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масаладир, — деди президент.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланганини таъкидлади. Жумладан, 2025 йилда давлатларимизнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди, унинг ўсиш суръати эса глобал иқтисодий ўсишдан икки баробар юқори — 6,8 фоизни ташкил этди.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди:

Биринчидан, Ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш – бугунги давр талаби эканлиги билдирилди.

Мазкур самарали механизм орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилаш, булутли ва квант ҳисоблаш технологияларини ривожлантириш, очиқ ва замонавий ягона рақамли маконни яратиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан дата марказлар яратишга 6 миллиард доллар сармоя жалб этмоқда. Минтақадаги дата марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлайдиган «Рақамли туркий коридор концепцияси»ни ишлаб чиқишни таклиф этилди;

Иккинчидан, илм-фан, таълим ва ёшлар масалаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш – умумий мақсад эканлиги сўзланди.

Жумладан, шиддат билан ўзгараётган замон талабларига мос ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастурини амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар мазкур лойиҳа орқали 1 миллиондан ортиқ ўғил ва қизларимиз бошланғич кўникмаларга эга бўлди.

Шу билан бирга, Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишни таклиф қилинди.

Шунингдек, шу йил Хива шаҳрига «Туркий дунё ёшлари пойтахти» мақоми берилгани эслатилди. Тадбирлар доирасида Ёш лидерлар форуми ва Халқаро ёшлар фестивалини ўтказиш таклиф этилди.

Ёшларнинг истиқболли стартаплари, инновацион ишланмалари, сунъий интеллектга асосланган турли ечимларини молиялаштириш учун биз Қозоғистон билан тузаётган Қўшма венчур жамғармасига Ташкилотнинг барча аъзоларини қўшилишга чорланди;

Учинчидан, транспорт боғлиқлигини яхшилаш учун рақамли логистика платформаларини яратиш ва интеграция қилиш долзарб аҳамиятга эгалиги билдирилди.

Хусусан, ўрта коридорнинг стратегик ролидан келиб чиқиб, биз уни айни пайтда қурилаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли билан боғлашга катта эътибор қаратилиши таъкидланди.

Чегараларда божхона ва транзит тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича имзоланган Соддалаштирилган божхона йўлаги ҳақидаги битимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда маълумотлар алмашувини тўлиқ рақамлаштиришимиз зарурлиги сўзланди.

Бу логистика занжирлари бўйлаб маълумотлар узатиш, юкларни кузатиш ва жараёнларни уйғун ҳолда ташкил этиш имконини бериши билдирилди;

Тўртинчидан, экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши давлатларимиздан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишни талаб этаётгани таъкидланди.

Бу каби муаммоларга самарали ечим топиш учун сунъий йўлдош маълумотлари асосида Туркий давлатлар ташкилоти иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш муҳимлиги билдирилди.

Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Туркий давлатлар ёшлари учун 2026-2027 ўқув йилларида 50 та грант ажратилгани билдирилди. Ёшлар ушбу имкониятдан унумли фойдаланишга чақирилди.

Экология масалаларига эътиборни янада кучайтириш мақсадида Ташкилотимиз доирасида 2027 йилни «Табиатни асраш йили» деб эълон қилишни таклиф этилди;

Биз янги даврда давлатларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва бунёдкорлик қудратини бирлаштира олсак, ҳеч шубҳасиз, туркий дунё илғор ечимлар, барқарор тараққиёт маконига айланади.
Асосий мақсадимиз – фарзандларимизга нафақат буюк тарихимизни, балки келажак авлодларимиз ҳам фахрланса арзийдиган бебаҳо меросни қолдиришдир. Бугун қабул қилинадиган Туркистон декларацияси тили ва дили бир-бирига чамбарчас боғланган халқларимизнинг эзгу ниятларини янада мустаҳкамлаб, «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепциясида белгиланган юксак мақсадларга эришиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади деб ишонаман, — деб якунлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон