Ўзбекистонда пропан нархи ўсишига чеклов қўйилди
Рақобат қўмитаси Республика товар хом-ашё биржасида пропан нархининг юқори чегарисини белгилади. Бу ҳақида «Spot» хабар берди.
Қайд этилишича, қўмитанинг 5 ноябрдаги топшириғига кўра, чоршанба кунидан бошлаб суюлтирилган газ нархининг ошишига сотувчининг бошланғич нархига нисбатан 20% миқдорида чеклов (спред) жорий этилди.
Сўнгги икки савдо кунида пропан нархи 15 фоиздан кўпроққа қимматлади ва сешанба куни бир тоннаси учун 10,1 миллион сўмдан ошди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, 5 ноябрдаги биржа савдоларида пропан нархи бир тоннаси 10 миллион сўмдан арзонроқ бўлган Аи-80 автомобиль бензинини ортда қолдирди.
Нархларнинг ошишига таклифнинг камайиши сабаб бўлиши мумкин. Агар 1 ноябрда биржага қўйилган пропан ҳажми 2 минг тоннадан ортиқни ташкил этган бўлса, 5 ноябрда у 30% га — 1,4 минг тоннагача камайган.