Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тартибига янги ўзгартиришлар киритилди
Ўзбекистонда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тартиби янгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Xaбарга кўра, «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ, яшаш учун уй-жой тақдим этган мулкдор ёки уни бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу уйда яшовчиларни ўз вақтида яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиши шарт.
Жойлаштириш воситаларида (меҳмонхона ва бошқалар) вақтинча турган шахслар эса махсус масъул ходимлар томонидан «E-mehmon» тизими орқали хабардор қилиш тартибида рўйхатга олинади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган, бироқ хорижда доимий яшовчи шахслар республикага кирган кундан бошлаб 10 иш куни ичида яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши керак.
Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
• Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари орқали;
• Давлат хизматлари марказлари орқали;
• Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали.
Рўйхатдан ўтказишда яшаш жойидаги уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси (ҳар бир фуқаро учун ажратилиши лозим бўлган майдон)га риоя этилиши талаб этилади.